Ўзбекистоннинг етакчи агрокимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланмиш – “IFODA” компаниясининг Наманган вилоятидаги заводининг тўлиқ ишга тушиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда  Республикадаги соҳа мутасаддилари, тармоқ вазирлик ва идоралар масъуллари, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти ва Наманган вилоят ҳокимлиги раҳбарияти, хорижий ҳамкорлар, деҳқонлар, фермер хўжалиги ва агрокластерлар мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Мазкур корхона ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва мураккаб ўғитлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш орқали умумий қиймати 9.58 млн.АҚШ долларига тенг инвестиция киритиш, натижада компания бўйича 300 нафар, завод бўйича эса 100 нафар иш ўринларини яратган.

Тадбир давомида, “IFODA” компанияси бош директори Қодирбек Мирзамаҳмудов, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровлар ўн беш йилдан зиёд вақт мобайнида аграр соҳанинг ривожланиши ва фермерларнинг мўл ҳосил етиштириши учун хизмат қилиб келаётган  “IFODA” компанияси заводининг тўла қувват билан ишга тушиши муносабати билан дил сўзларини билдиришди.

 

 



Заводнинг замонавий ихтисослашган лабораторияси мавжудлиги:

2019 йилда ишга тушган ихтисослашган тадқиқот ва ривожланиш Марказининг илмий даражага эга бўлган маҳаллий ва хорижий мутахассислари заводда тайёрланаётган препаратларнинг юқори сифатини таъминлаш мақсадида мунтазам равишда тадқиқот ишларини олиб борадилар.

           

“IFODA” компаниясига мувофақият олиб келаётган самарали маҳсулотлар:

           “IFODA” компанияси фаолияти бевосита аграр сектор субъектлари учун зарур ҳамда экологик хавфсиз бўлган воситаларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўз олдига дунё бозорида муносиб ўрин эгаллаш каби улкан мақсадларни қўйган корхона 22 йил мобайнида муваффақият ва ривожланиш йўлидан бориб, бугунги кунда мамлакатимизнинг етакчи агрокимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бирига айланди.

Компания юқори сифатли маҳсулотларни тайёрлаш ва етказиб бериш билан бирга, истеъмолчиларга – ўсимликларни ҳимоя қилиш маданиятини оширишга доир ўзининг  юқори малакали хизматларини ҳам  кўрсатади. Компаниянинг Наманган вилоятида жойлашган заводи унинг ишлаб чиқариш тизимидаги асосий бўғини ҳисобланади.

Илғор ускуналар ҳамда энг замонавий технологиялар билан  жиҳозланган мазкур корхона хориж маҳсулотлари ўрнини боса оладиган ва европа стандартлари асосида тайёрланадиган юқори сифатли ўсимликлар ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Маҳсулотларнинг сифати шу ердаги махсус ихтисослашган лабораторияда назорат қилиб борилади.

Бугун заводда йилига 4 000 000  литргача пестицидлар ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Шунингдек, турли хилдаги органик минерал ўғитларнинг кенг турлари, жумладан, томчилаб суғоришга мўлжалланган, сувда эрувчан кукун шаклидаги NPK ўғитлар ишлаб чиқарилади. Бундан ташқари, ўсимлик баргларига сепиш учун мўлжалланган 40 турдан ортиқ суюқ ўғитлар тайёрланади.

Бугунги кунда 45 та кластер “IFODA” билан ҳамкорликни йўлга қўйган, улардаги 30 минг нафар фермер компания маҳсулот ва хизматларидан фойдаланмоқда. “Ифода” препаратлари қўлланилаётган ер майдонлари ҳажми эндиликда мамлакат бўйлаб 2,5 млн. гектардан ошиб кетган.