Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 20 сентябдаги қарорига асосан, 2019 йил 22 декабрь – Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови куни деб белгиланган.

Сайлов бўйича сайлов кампанияси 2019 йил 20 сентябрдан бошланган.

         Сайловни ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар Конституция, Сайлов кодекси, шунингдек Асосий тадбирлар дастурига мувофиқ амалга оширилади.

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XXIII боб, 117-моддаси сайлов тизимига бағишланган бўлиб, унга кўра:

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар сайланганидан сўнг бир ой ичида улар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси:

 

         Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди.

         Илгари мазкур сайловларни ўтказиш тартиби алоҳида-алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган эди.

Сайловларда ҳар бир фуқаро бир овозга эга.

         Сайловда эркин ва яширин овоз берилади. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

         Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш очиқ ва ошкора амалга оширилади.