Ҳар қандай номоддий активдан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун тўловлар роялти деб эътироф этилади, шу жумладан:

санъат, адабиёт, илм-фан, шу жумладан дастурий таъминот ва маълумотлар базаларига, чизмага, дизайнга ёки моделга, режага, махфий формулага, технологияга ёки жараёнга, аудиовизуал асарларга ҳамда турдош ҳуқуқлар объектларига, шу жумладан ижролар ва фонограммаларга бўлган муаллифлик ҳуқуқлари;

патентлар, товар белгилари, савдо маркалари ёки ҳуқуқнинг бошқа шунга ўхшаш турлари;

саноат, тижорат ёки илмий тажрибага тааллуқли ахборот (ноу-хау).

Бунда илмий-техника соҳасидаги интеллектуал фаолият натижалари ва (ёки) касбий фаолиятни амалга ошириш усуллари тўғрисидаги, илгариги тажрибадан келиб чиқадиган, иқтисодий фаолиятда амалий жиҳатдан қўлланиладиган, шунингдек (унинг учинчи шахсларга маълум эмаслиги туфайли) ҳақиқий ёки потенциал тижорат қийматига эга бўлган саноат, тижорат ёки илмий хусусиятга эга ахборот (агар бундай маълумотлардан қонуний асосда эркин фойдаланиш имконияти учинчи шахсларда мавжуд бўлмаса) ва унинг ошкор этилиши натижасида иқтисодий наф олиш мумкин бўлса, бу ахборот ноу-хау деб тушунилади.