Ташқи савдо операцияларини халқаро стандартларга янада уйғунлаштириш чора-тадбирлари қабул қилинади



Президентнинг “Ташқи савдо операцияларини халқаро стандартларга янада уйғунлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра умумий қиймати беш минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарлар:

а) якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият олиб борувчи жисмоний шахслар томонидан олдиндан тўлов ва бошқа кафолатланган тўлов шартларисиз, божхона декларацияси тақдим этмасдан инвойс маълумотларини Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига (ТСОЯЭАТ) киритиш шарти билан Ўзбекистондан олиб чиқилади. Бунда, сотувчи шахслар томонидан товарлар олиб чиқилишида хорижий харидор аниқ бўлмаган ҳолларда харидор ҳақидаги маълумотларни инвойсда кўрсатилиши талаб этилмайди;

б) норезидент жисмоний шахслар ва уларнинг ишончли вакиллари томонидан олдиндан тўлов шарти билан сотувчи шахсларнинг ТСОЯЭАТга киритган инвойси асосида божхона декларацияси тақдим этмасдан Ўзбекистондан олиб чиқилади;

в) инвойс ҳужжати асосида олиб чиқилиши факти давлат божхона хизмати органлари томонидан ТСОЯЭАТда тасдиқланади ҳамда бундай операциялар божхона юк декларацияси расмийлаштирилган экспорт операцияларига ва қисқа божхона юк декларациясига тенглаштирилади.

Фармоннинг 1-бандида белгиланган нормалар амалдаги қонунчиликда айрим чекловлар ўрнатилган товарларга нисбатан қўлланилмайди.

Ташкилий мақомидан қатъий назар барча тадбиркорлик субъектларига:

а) товарлар (ишлар, хизматлар) учун норезидент жисмоний шахслардан халқаро тўлов тизимлари орқали Ўзбекистон банкларида очилган ҳисоб рақамларига тўловларни қабул қилишга;

б) товарлар экспортида ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда электрон шаклдаги инвойсдан фойдаланишга;

в) шартнома маълумотларини ТСОЯЭАТга киритиш шарти билан хорижий давлатлардаги товарлар (ишлар, хизматлар)ни Ўзбекистон ҳудудига ҳақиқатда олиб кириш мажбуриятисиз сотиб олиш ва уларни сотиш бўйича Ўзбекистон норезидентлари билан “халқаро савдо шартномаси” тузиш ва валюта операцияларини амалга ошириш, савдодан олинган тушумни бошқа юридик шахслар фойдасига трансферабель аккредитивлар ва бошқа тўлов ҳужжатларини қўллаш йўли билан қайта беришга рухсат этилади.

Бунда, тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиб олиш бўйича тузилган халқаро савдо шартномалари доирасида амалга ошириладиган хорижий валютадаги тўловлар миқдоридан кам бўлмаган маблағлар 180 календарь куни мобайнида ўзларининг Ўзбекистон банкларидаги ҳисоб рақамларига тўлиқ келиб тушиши таъминланиши лозим. Ушбу белгиланган муддатда келиб тушмаган валюта маблағлари муддати ўтган дебитор қарздорлик сифатида қаралади ва тадбиркорлик субъектларига қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик белгиланади.

Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда фаолият олиб борувчи жисмоний шахслар шартнома ва инвойс маълумотларини ТСОЯЭАТга киритиш шарти билан Ўзбекистоннинг норезидентлари билан ташқи савдо битимларини тузиш ҳамда ташқи савдо операцияларини амалга ошириши мумкин.

Давлат солиқ қўмитаси:

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари томонидан норезидентларга савдо қилинадиган ва экспортга чиқариладиган товарлар учун интернет тизимида қулай тартибда халқаро савдо қоидалари ҳамда солиқ, валюта ва божхона назорати минимал талаблари асосида тегишли маълумотлар орқали электрон инвойс ҳужжатини шакллантириш имкониятини, шунингдек бу бўйича мобил қурилма дастурларини яратади ҳамда ТСОЯЭАТга интеграция қилади;

четга олиб чиқиладиган тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарларга сотувчи шахслар томонидан харидорларга инвойс берилиши ва инвойс маълумотлари ТСОЯЭАТга киритилишини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни белгилаб олади ҳамда савдо марказларида ва чегара божхона постларида тадбиркорлик субъектларига яқиндан кўмаклашади.

Давлат божхона қўмитаси Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банк ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

чегара божхона постларида жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб ўтиш мақсадларини аниқлаш тартиби бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқади;

чегара божхона постларида жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб чиқилишида тақдим этиладиган инвойс ҳужжатидаги маълумотларини ТСОЯЭАТга киритилган электрон маълумотлар билан солиштириш ва ТСОЯЭАТ орқали тасдиқлаш амалиётини йўлга қўяди;

чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқароларга инвойсда кўрсатилган маълумотларнинг ҳаққонийлигига шубҳа уйғонган тақдирда ёки улар нотўғри деб топилган ҳолатларда маълумотларни тўғрилаш имкониятини яратиш ва товарларни олиб чиқилишида кўмаклашиш ҳамда валюта маблағларини йўловчи божхона декларациясида тўлиқ қайд этилиши бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширади.