Ўзбекистонда карантин даврида айрим ташкилотлар фаолияти давом эттирилишига рухсат берилади. Бу Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 2020 йил 14 апрелдаги қўшма йиғилиши қарорига асосан коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш ва эълон қилинган карантин талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган чораларда кўзда тутилган.



«Иқтисодиёт тармоқларининг муҳим йўналишлари ва йирик ишлаб чиқариш ташкилотларини фаолиятини давом эттириш, шунингдек, йирик қурилиш объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини давом эттириш (бошлаш)га Республика махсус комиссиясининг ҳудудий штаблари раҳбарларининг қарорига (йиғилиш баёни) мувофиқ рухсат берилиши белгиланди.

Бунда ушбу ташкилотларнинг фаолияти даврида санитария ва гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиши, ўз фаолиятини фақатгина тегишли объект ҳудуди доирасида ташкил этиши, шунингдек, уларни овқатлантиришни мазкур объект ҳудудида ташкиллаштириш учун шахсий жавобгарлик тегишли хўжалик бирлашмаси раҳбари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юкланади», дейилади қарор матнида.

Қўшма қарорга кўра, Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жорий этилган коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чекловлар Тошкент вилоятининг Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши белгиланган.

Шунингдек, қўшма қарорда Давлат солиқ қўмитасига озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар, шунингдек, биринчи навбатдаги зарур маҳсулотлар етказиб бериш хизмати кўрсатишда нархларнинг асоссиз равишда кўтарилишининг олдини олиш чораларини кўриш топширилган.