Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри («Давергеодезкадастр») давлат қўмитаси маҳаллий ҳокимликлар томонидан 1993 йил 18 сентябрдан 2020 йил 1 мартга қадар қабул қилинган жисмоний ва юридик шахсларга ер ажратиш тўғрисида ўз кучида бўлган қарорларни 2020 йил 1 сентябргача тўлиқ хатловдан ўтказиб, тегишли ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилишни таъминлайди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги «Давергеодезкадастр» қўмитаси ва Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон — «E-qaror» тизимини синов тариқасида ишга туширади.

Қарорда таъкидланишича, «E-qaror» тизими қуйидагича ишлайди:

·       Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, рўйхатдан ўтказиш, уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш ва автоматик тарзда эълон қилиш жараёнини бошқариш ва назорат қилиш, шу жумладан, зарурият туғилганда, манфаатдор идоралар томонидан лойиҳаларга электрон кўринишда виза қўйиш таъминланади;

·       Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорлари лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиш бўйича идоралараро электрон ҳамкорлик, шунингдек, уларни ишлаб чиқиш жараёни мониторинг қилинади.

Ҳукумат қарори билан «E-qaror» тизимини яратиш ва жорий қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

«E-qaror» тизими дастлаб 2021 йилнинг январь–май ойларида Қашқадарё вилоятида апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий эксперимент ўтказилади.