Жорий йил 14 февраль куни Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорларнинг фаолиятини ўрганишга бағишланган ҳудудлар ва тармоқларнинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича Республика комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров ҳам иштирок этди. 


Йиғилиш давомида ҳудуд тадбиркорлари билан уларнинг фаолиятидаги долзарб масалалар, экспортнинг прогноз кўрсаткичларининг жорий ҳолатда бажарилиши ва мавжуд муаммоларни ҳал қилишда хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича эхтимолий чоралар муҳокама қилинди.

Йиғилиш кўп томонлама очиқ мунозаралар шаклида ўтиб, ҳар бир тадбиркор ўз масалалари ҳақида сўзлаш, муаммони кўтариш, тегишли вазирлик ва идоралар вакилларининг таклифлари орқали зудлик билан унга эчим топиш имкониятига эга бўлди.

Ушбу алгоритмларнинг келгусида бажарилиши Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг масъул раҳбарларининг доимий мониторинги остида бўлади.

Йиғилиш якунида, тўпланган маълумотлар асосида, ҳудудда аниқланган хусусий ва тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Бу эса, фермерларнинг барқарор фаолиятини ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини доимий ошишини таъминлайди.