Солик кодексига асосан, халқаро ташишлар билан боғлиқ хизматларга ноль ставка бўйича солиқ солиш қуйидагиларни реализация қилиш чоғида амалга оширилади:


1) товарларни халқаро ташиш бўйича хизматларни (товарларни халқаро ташиш - товарларнинг жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган тақдирда товарларни ҳаво кемалари, темир йўл транспорти ва (ёки) автотранспорт воситалари орқали ташиш);
2) чет элдан келтирилган товарларни ташиш чоғида божхона транзити божхона тартиб-таомилига жойлаштирилган товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига етиб келиш жойидаги божхона органидан то Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетиш жойидаги божхона органигача ташиш ёки транспортда ташиш билан бевосита боғлиқ бўлган хизматларни;
3) ташишлар ягона халқаро ташиш ҳужжатлари асосида расмийлаштирилган тақдирда, башарти йўловчиларни, почтани ва багажни жўнатиш пункти ёки белгиланган пункти Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса, йўловчиларни, почтани ва багажни ташиш бўйича хизматларни;
4) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига экспорт қилинадиган товарларни ташиш ёки транспортда ташиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги қайта ишлаш маҳсулотларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш бўйича Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари бўлган ташувчилар томонидан кўрсатиладиган хизматларни. Ушбу банднинг қоидалари, башарти ташиш ҳужжатларида божхона органларининг белгилари қўйилган бўлса, қўлланилади;
5) ҳаво кемаларига бевосита Ўзбекистон Республикаси аэропортларида ва Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудида кўрсатиладиган хизматларни, шу жумладан аэронавигация хизматини.